2021 йил 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Ёшлар академияси» томонидан устувор илмий-тадқиқот ва ишланмалар, тажриба-конструкторлик ва “Startup” лойиҳалари танлови якунланди ва ғолиблар эълон қилинди. Танловда қатнашган лойиҳалар орасида тиббиётдаги ишланмалар ҳам долзарблиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқилди. Ёш олимларнинг халқимизга фойда келтирадиган, аҳоли соғлигини муҳофаза қилишда самарали натижа берадиган янги ғоялари алоҳида эътироф этилди. Бу танловда республикамиздан 600дан ортиқ командалари беллашишди. Тошкент Тиббиёт Академияси профессор Рахимбаева Гульнара Саттаровна бошчилик қилаётган асаб касалликлари кафедраси доценти Расулова Д.К., ва ассистент Расулова М.Б.лар ҳам “ЛОГОС – афазияли беморлар нутқини тиклаш учун ўзбек тилида биринчи мобил илова” лойиҳаси билан қатнашиб, “2020 йилга энг яхши 20 та СТАРТАП лойиҳалари”нинг совриндори бўлишди ва 75 000 000 сўм пул мукофотини қўлга киритишди. Гурух етакчиси Расулова Муниса Ёшлар академияси аъзолигига қабул қилинди. Бу команда афазияли –нутқи йўқолган беморлар учун мобил илова ғоясини 2019 йил октябридан бошлаб, “Стартап ташаббуслари 2019” да ҳам республика 47 командасидан 7 ўрин, “САТ-акселераторда” эса 2 ўринни қўлга киритган эди. Биз ғолиб командага келажакда бунданда юксак марраларни эгаллашига тилакдошмиз.